ОБЪЕКТЛАР ХАВФСИЗЛИГИ БОРАСИДАГИ ТАРҒИБОТ ТАДБИРЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулклари хавфсизлигини таъминлаш борасида Миллий гвардия "Қўриқлаш" бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари томонидан фуқароларимиз хонадонлари, бозор ва савдо марказлари ҳамда дорихоналарда тарғибот тадбирлари олиб борилмоқда.
Навбатдаги ташкил этилган тадбирлар давомида Тошкент, Қашқадарё, Самарқанд ҳамда Сирдарё вилоятлари "Қўриқлаш" бошқармалари ходимлари томонидан маҳаллаларда яшовчи фуқароларга "Қўриқлаш" хизматининг афзалликлари, хизмат кўрсатиш турлари, тарифлари, яратилаётган имкониятлар ва соҳада ҳозирги кунда фойдаланилаётган замонавий технологиялар ҳамда ойлик тўловлар ҳақида маълумотлар берилди.
Шу билан бирга фуқаролар хонадонлари, ижтимоий хизмат кўрсатувчи савдо дўконларига ўрнатиб берилаётган огоҳлантирилувчи хабар берувчи ускуналарни ўрнатиш бундай замонавий техникалар турли хил жиноятлар ва ўғирликларнинг сонининг камайиши, аҳоли хотиржамлигини таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Якунда ўз хонадонларини ва тадбиркорлик объектларини қўриққа топшириш истагини билдирган фуқаролардан белгиланган тартибда аризалар қабул қилинди. Бу каби ишлар республикамизнинг барча ҳудудларида давом этмоқда.