Қўриқлашнинг техник воситаларини маҳаллийлаштириш – самарали қўриқлаш ва иқтисодий манфаатлар кафолати
Қўриқлаш соҳасидаги маҳаллий саноат салоҳиятини ривожлантириш, импорт ўрнини босувчи замонавий қўриқлашнинг техник воситаларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва маҳаллийлаштириш мақсадида Қўриқлаш Департаменти раҳбарияти ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Қўриқлаш Департаменти раҳбарияти, соҳада фаолият юритаётган Hikvision, ТЕКО, ПРИТОК маҳаллий техника ва электрон ускуналар ишлаб чиқарувчи корхоналар раҳбарлари, мутахассислар ҳамда соҳага дахлдор ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Тадбирда Қўриқлаш тизимида фойдаланилаётган техник воситалар – сигнализация, видеоназорат, интеллектуал назорат ускуналарини тўлиқ маҳаллий ишлаб чиқариш, хорижий маҳсулотларга боғлиқликни камайтириш, хизмат самарадорлигини ошириш борасида амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этилдики, маҳаллийлаштириш орқали нафақат иқтисодий тежамкорликка эришилади, балки миллий хавфсизликни таъминлаш, ички эҳтиёжларни тезкор қондириш, хизмат сифатини янги босқичга олиб чиқиш имкони яратилади. Қўриқлаш Департаменти раҳбарияти маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга аниқ талаб ва стандартлар асосида иш юритиш, инновацион ечимлар таклиф этиш ҳамда маҳсулотларнинг сифатини халқаро мезонларга мослаштириш юзасидан тавсия ва топшириқларни берди.
Учрашув якунида икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш, тажриба ва лойиҳалар алмашинувини кучайтириш, техник синов ва сертификация жараёнларини биргаликда амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.
Мазкур ташаббус маҳаллий саноат салоҳиятини ривожлантириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳамда Қўриқлаш хизмати самарадорлигини янада оширишда муҳим аҳамият касб этади.