Қонунчиликдаги янгиликлар ва ўзгаришлар шахсий таркибга етказилди
Термиз шаҳридаги Ёшлар маркази биносида Миллий гвардия Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчилари ҳамда вилоят "Қўриқлаш" бошқармаси ходимлари ўртасида навбатдаги профилактик учрашув ташкил этилди.
Унда Миллий гвардия ҳамда Шахсий хавфсизлик бўлими масъуллари, шунингдек Термиз ҳарбий прокурори иштирок этиб, шахсий таркибга "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг 29.11.2024 йилдаги ЎРҚ-1008-сонли Қонунида белгиланган талабларни тушунтирдилар.
Шу билан бирга йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февраль кунидаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий низомларини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-23-сон Фармони мазмун-моҳияти етказилди.
Бундан ташқари, бугунги кунда ходимлар томонидан йўл қўйилаётган камчиликлар, ушбу камчиликларни келтириб чиқарувчи омиллар ҳамда коррупцион ҳолатларга аралашиб қолмаслик каби масалаларга бирма-бир тўхталиб, фаолияти давомида хатоликларга йўл қўйган ходимлар танқидий муҳокама қилинди.
Ходимларнинг ҳуқуқий билимларини мунтазам ошириб бориш, қонунчиликдаги ўзгаришлардан уларни хабардор этиш масаласига ҳам эътибор қаратилиб, юртимиздаги тинчлик ва осойишталикни сақлаш – энг олий бурч эканлиги ходимларга яна бир бор эслатиб ўтилди.