Янгиликлар

16 Июль 2023

КУЧ ТУЗИЛМАЛАРДАГИ ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИ ВА ХОДИМЛАР ЎРТАСИДА ТАШКИЛ ЭТИЛГАН "ЭНГ ЯХШИ КИТОБХОН" ТАНЛОВИДА БАДИИЙ АДАБИЁТ БИЛИМДОНЛАРИ САРАЛАНДИ

Буюк алломалар, адиб ва мутафаккирларимиз ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш, ёшларнинг дунёқараши ва фикрлаш доирасини кенгайтириш, ижодий салоҳиятини ошириш, маънавий баркамол шахс бўлиб вояга етишларида кўмаклашиш, уларни китоб ўқишга бўлган қизиқишларини янада ошириш ҳамда ўзбек ва жаҳон адабиётининг сара асарларига меҳр уйғотиш мақсадида Жиззах вилоят "Қўриқлаш" бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши ва Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда куни кеча Жиззах шаҳридаги Ш.Рашидов музейида куч тузулмаларидаги ёш ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқ тартибот идоралари ходимлари ўртасида "Энг яхши ҳарбий китобхон" танловининг вилоят босқичи ўтказилди.

Танловда куч тузилмалардаги ёш ҳарбий хизматчи ва ходимлар иштирок этиб, ўзларининг бадиий адабиётга бўлган меҳри, турли асарлар мутолааси орқали эса тафаккурининг юксаклигини намойиш этдилар.

Шартлар бир қарашда мураккаб эмасдек, бироқ кўплаб асарларни ўқиш ва улардаги қаҳрамонларни, воқеалар ривожини эслаб қолиш учун ўнлаб адабиётларни варақлашга тўғри келади. Ҳакамлар ҳайъати олдида эса билетларга аниқ, хатосиз ва қиёсий таҳлиллар асосида жавоблар берилишига аҳамият қаратилди.

3 шарт бўйича ўтказилган танловда, асосий ўринлардан ташқари "Энг топқир китобхон", "Жаҳон адабиёти билағони", "Мумтоз асарлар билимдони"каби йўналишлар бўйича ҳам совриндорлар номи аниқланди.

Танлов ғолибларига ташкилотчилар томонидан диплом ва китоблар жамланмаси топширилди.