Янгиликлар

23 Август 2025

“Она диёр – ранглар жилоси” кўрик-танлови ёш истеъдодларни бирлаштирди

Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида Наманган вилояти Қўриқлаш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимларида хизмат қилаётган ходимларнинг 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган фарзандлари ўртасида “Она диёр – ранглар жилосида” номли рассомчилик кўрик-танлови ташкил этилди.

Ушбу ижодий танлов болаларнинг Ватанга бўлган муҳаббатини ифода этиш, уларнинг бадиий дунёқарашини, эстетик таъбини ва ижодий қобилиятини ривожлантириш мақсадида ўтказилди. Тадбир давомида ёш иштирокчилар она юрт табиати, тарихий обидалари, миллий қадриятлар ва миллий рамзлар акс этган асарларини тақдим этишди.

Танловда қатнашган ҳар бир фарзанд ўзининг қалбидаги Ватан севгисини ранглар орқали ифода этишга ҳаракат қилди. Расмлар орқали уларнинг она юртга нисбатан ифтихори, келажакка бўлган ишончи ва эзгу орзу-умидлари намоён бўлди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур танлов ёш авлод қалбида ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришда, уларни маънавий ва эстетик жиҳатдан тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Ғолиблар ва фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари ва Фахрий ёрлиқлар билан тақдирландилар.

Бу каби тадбирлар фарзандларимизда ижодий фикрлаш ва ўз салоҳиятини эркин ифода этишга бўлган ишончни мустаҳкамлайди, ота-оналари хизмат қилаётган тизимга нисбатан фахр туйғусини оширади.