Янгиликлар

9 Сентябрь 2025

Киберхавфсизлик – ҳар биримизнинг шахсий хавфсизлигимиз асосидир!

Қўриқланаётган объектларда ишловчи хизматчилар ҳамда ташриф буюрувчиларга кибермаконда содир этилаётган жиноятларга қарши иммунитет шакллантириш ҳамда киберфирибгарликлардан сақланиш усуллари бўйича тушунтириш ва тарғибот тадбирлари олиб борилмоқда.

Тадбирларда вилоятлардаги ИИБ Киберхавфсизлик бўлимлари мутахассислари иштирок этиб, кибермаданият, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, интернет фойдаланишда эҳтиёт чораларини кўриш ҳамда киберҳужумлардан сақланиш бўйича амалий тавсиялар берилмоқда.

Бундан ташқари, аҳоли ўртасида киберхавфсизлик бўйича хабардорликни ошириш, киберфирибгарлик қурбонига айланмаслик учун эса махсус тайёрланган флаерлар тарқатилиб, реал ҳаётда учраётган ҳолатлар мисолида тушунтиришлар берилмоқда. Шунингдек, қўриқловда бўлган объектларга ташриф буюрган фуқаролар билан кибержиноятларнинг янги кўринишлари ҳамда улардан ҳимояланиш усуллари тўғрисида ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.

Бундай тадбирлар нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари, балки кенг жамоатчилик ўртасида ҳам киберхавфсизликка оид билим ва маданиятни оширишга хизмат қилади.