ВАТАНИМГА ТАЯНЧМАН
Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларни қўллаб-қувватлаш, спорт билан шуғулланишларига ундаш ва ватанпарварлик ҳиссини янада ривожлантириш мақсадида Бухоро шаҳридаги 35-умумий ўрта таълим мактабида Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси, "Қўриқлаш" бошқармаси, вилоят ҳарбий прокуратураси ҳамда мактаб раҳбарияти ҳамкорлигида ҳарбий-ватанпарварлик тадбири ташкил этилди.
Тадбир аввалида Миллий гвардия Фахрийлар кенгаши раиси иштирокида учрашув ўтказилиб, унда узоқ йиллар ҳуқуқ-тартибот идоралари тизимида самарали фаолият юритган фахрийлар, ўрта ёш авлод вакиллари, ҳарбий хизматчи ва ходимлар, талаба ёшлар иштирок этди. Юзма-юз мулоқотда фахрийлар ёшлар билан ҳаётий тажрибаларини ўртоқлашди, эртамиз эгаларининг келажакда юрт тараққиёти учун муносиб ҳисса қўшишига ишонч билдирди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олдилар.
Шундан сўнг “Ватан менинг нигоҳимда” мавзусида расм чизиш танлови ҳам ўтказилиб, ўқувчилар ўзларининг Ватан ҳақидаги тушунчаларини қоғозда акс эттирдилар.
Шу билан бирга бир қатор спорт мусобақалари ҳам ташкил этилди.
Эътироф этиш жоизки, ўтказилган тадбир давомида ёшларнинг Ватан ҳимоячиси каби юксак ва шарафли касб эгаларига бўлган қизиқишлари янада ортди.