ДАВРА СУҲБАТИДА ХИЗМАТ ИНТИЗОМИ БИЛАН БОҒЛИК МАСАЛАЛАР МУҲОКАМА ЭТИЛДИ
Термиз шаҳридаги Ёшлар марказида Миллий гвардия Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчилари ҳамда вилоят "Қўриқлаш" бошқармаси ходимлари иштирокида навбатдаги давра суҳбати ташкил этилди.
Очиқ мулоқотларда Термиз ҳарбий прокуратураси, Давлат хавфсизлик хизмати ва Диний идора вакиллари иштирок этиб, ҳарбий хизматчи ва ходимларга хизмат интизомини янада мустаҳкамлаш, шахсий таркиб орасида коррупцион жиноятларнинг олдини олиш, шунингдек, кибержиноятлар ҳақида тўхталиб ўтдилар.
Ватан тинчлиги ва осойишталиги йўлида хизмат қилиш энг шарафли бурч эканлиги эътироф этилиб, бир кунлик тинчлик йўлида қилинган хизматнинг савоби улуғлиги, бу неъматнинг қадрига етиш, ўз касбидан фахрланиш, шукроналик ҳисси билан яшаш олий қадрият эканлиги таъкидланди.
Муқаддас рўза Рамазон ойида янада ҳушёр ва сергакликни ошириш, жойларда жамоат тартибини сақлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди.
Учрашувда масъул офицерларга бўлимларда шахсий таркиб билан профилактик тарбиявий ишларни янада кучайтириш, ходимларнинг мавжуд муаммоларини ўрганиш ва бартараф этиш, уларга қулай хизмат шароитини яратиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.