МИЛЛИЙ ГВАРДИЯГА ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН ИНСПЕКТОР-ПСИХОЛОГЛАР ХИЗМАТ ВАЗИФАСИНИ БАЖАРИШГА КИРИШДИ
Давлатимиз раҳбари бошчилигида жорий йилнинг 5 февраль куни ўтказилган ижтимоий соҳадаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилишда мактаблардаги инспектор-психологлар штати Ички ишлар вазирлигидан Миллий гвардия тизимига ўтказилди.
Инспектор-психологларнинг асосий вазифаси, ўқувчиларнинг таълим-тарбиясини ташкил этишда мактаб жамоаларига яқиндан кўмаклашиш, мунтазам дарс қолдирувчи ўқувчиларнинг ота-оналари билан ишлашдан иборат.
Ушбу вазифаларни самарали ижро этилишини таъминлаш мақсадида Миллий гвардиянинг республикамиз бўйича бошқармаларида инспектор-психологлар учун семинар машғулотлари ўтказилди.
Бугун Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармасида бўлиб ўтган машғулотларни муваффақиятли тугатган 66 нафар инспектор-психологлари Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси хизматига кириш қасамёдини қабул қилди. Шундан сўнг уларга Миллий гвардия хизмат гувоҳномалари топширилди.
Тадбир давомида Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи ўринбосари подполковник Жўрабек Бозоров сўзга чиқиб, инспектор-психологларни Миллий гвардия сафларига қабул қилинганлиги муносабати билан табриклаб, қасамёдга содиқлик – берилган ваъдага вафо, ор-номусни ҳимоя қилиш каби ҳақиқий ватанпарварларга хос бўлган хусусиятлардан бири эканини, ҳарбий хизматчиларни масъулиятли ва шарафли касбни танлагани, соҳага оид билимларни пухта эгаллаган ҳолда жамиятимизга фойдаси тегадиган фидойи мутахассислар бўлиш кераклигини алоҳида таъкидлади.