Янгиликлар

5 Август 2023

ИНСОН МАНФААТЛАРИ ҲАММА НАРСАДАН УСТУН

Мамлакатимизда сўнгги йилларда давлат органларида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчи ва ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. "Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун" тамойили асосида олиб борилаётган самарали ишлар қаторида оммавий сайёр қабулларнинг мунтазам ташкил этиб борилаётганлиги аҳамиятлидир.

Юртимиз бўйлаб Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси томонидан ўтказилаётган оммавий сайёр қабуллар куни кеча Самарқанд шаҳрида мутасадди ташкилот раҳбарлари иштирокида давом эттирилди.

400 дан ортиқ ҳарбий хизматчи ва уларнинг оила аъзолари иштирок этган оммавий сайёр қабулда фуқароларнинг ишга жойлашиш, тинчлик посбонларининг турмуш ўртоқлари бандлигини таъминлаш, уларга имтиёзли уй-жой ажратиш, хизмат хонадонини хусусийлаштириш, тиббий ва моддий ёрдам кўрсатиш ва шу каби бошқа масалалар юзасидан мурожаатлари тингланди.

Шунингдек, Миллий гвардия сафларида хизмат қилиш истагини билдирган ёшлар ҳам ушбу сайёр қабулда ўз мурожаатлари билан фаол иштирок этишди.

Ҳарбий хизматчи ва ходимларнинг турмуш ўртоқлари бандлигини таъминлаш, хизматни ўташ жойини кўчириш, собиқ ҳарбийларни ишга қайта тиклаш ҳамда коммунал хизматлар, ҳарбийларнинг фарзандларини мактаб ва мактабгача таълим муассасаларига жойлаш каби масалалар ҳам эътибордан четда қолмади.

Жойларда ўтаётган сайёр қабуллар халқнинг дардини эшитиш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда, шак-шубҳасиз, кутилган натижаларни бермоқда десак адашмаган бўламиз. Шу ўринда ҳарбий хизматчиларга қаратилаётган бу каби эътибор ва ғамхўрликлар келгусида ватанимиз равнақи учун янада куч ғайратида хизмат қилишларига замин яратиши шубҳасиздир.