БЕШ ТАШАББУС – ЁШЛАРГА ҚАНОТ
Маълумки, давлатимиз раҳбари ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни илгари сурган эди. Ана шу эзгу ишлар самараси сифатида республикамиз бўйлаб “Беш муҳим ташаббус” доирасида йигит-қизлар иштирокида турли йўналишларда беллашувлар ҳамда маданий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Мазкур тадбирларнинг навбатдагиси Наманган вилояти "Қўриқлаш" бошқармаси ходимлари томонидан Наманган шаҳридаги 11-сонли мусиқа ва санъат мактаби ўқувчи ёшлари билан уларнинг турли йўналишларда иқтидорини юзага чиқариш, истеъдодини қўллаб-қувватлаш, ҳамда ватанпарварлик рухида тарбиялаш мақсадида учрашув ташкил этилди.
Дастлаб, ходимлар томонидан ўқувчиларга "Ватан ҳимояси – муқаддас бурч" мавзусида мардлик ва жасорат дарслари ташкил этилиб, ёш авлодга Миллий гвардия фаолиятига оид тегишли тушунчалар берилди. Шундан сўнг маданият, адабиёт, санъатга қизиқувчан ёшлар ўз иқтидорларини намойиш этишди.
Ёшлар Она Ватан, дўстлик ва тинчликни мадҳ этувчи шеърларни ифодали тарзда ўқиб, расм чизиш ҳамда мусиқа асбобларини чалиш бўйича ўз маҳоратларини кўрсатишди.
Беш муҳим ташаббус доирасидаги тадбирлар вилоятнинг барча ҳудудларида давом этмоқда.