Ходимлар учун Ўзбекистон халқ шоири Тўра Сулаймон уй-музейига саёҳат уюштирилди
Биламизки, музейлар ҳар бир халқнинг маданий мероси, миллий маданияти, турмуши, урф-одатларини ўргатиш билан миллий қадриятларимизни етказишда катта рол ўйнайди. Ушбу масканлар чин маънода илмий хазина бўлиб, уларнинг қадри йилдан-йилга ошиб бораверади.
"Маънавият ойлиги" доирасида Сирдарё вилояти Қўриқлаш бошқармаси ходимлари учун Мирзаобод туманида жойлашган Ўзбекистон халқ шоири Тўра Сулаймон уй-музейига саёҳат уюштирилди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу музей Сирдарё вилоятида яшаб ижод қилган, ўзининг халқчил шерлари билан инсонлар қалбини забт этган шоиримиз Тўра Сулаймоннинг кўп йиллик ижодий ҳаёт йўлини ҳаққоний ва тўлақонли акс эттириш, ҳамда хотирасини абадийлаштириш, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат туйғуларини сингдириш мақсадида 2024 йилда шоир яшаб ўтган уйда ташкил этилди.
Музейга ташриф буюрган ходимлар музей мутахассислари томонидан шоирнинг ҳаёт ва ижод йўли ҳақидаги архив ҳужжатлари, фотосуратлар, ашёвий буюмлар, китоблар, видеоматериаллар билан яқиндан танишиб кўплаб маълумотларга эга бўлишди.
Бундан ташқари, Андижон вилояти Қўриқлаш бошқармаси ташаббуси билан бошқарма ходимлари учун вилоят Ички ишлар бошқармаси музейига саёҳат ташкил этилди. Ушбу саёҳат давомида иштирокчилар милиция тизимининг тарихий ривожланиши, унинг илк шаклланиш босқичлари ва бугунги кундаги замонавий кўриниши билан яқиндан танишдилар. Музейда Андижон милициясининг ташкил топиши, фаолиятида алоҳида ўрин тутган генераллар ва таниқли ходимлар ҳаёти, уларнинг Ватан ва халқ манфаати йўлидаги жасоратлари ҳақида қизиқарли маълумотлар тақдим этилди.
Бундай маърифий тадбирлар ходимларнинг маънавий оламини бойитиш, уларда фахр туйғусини уйғотиш ва келгуси фаолиятларида юксак руҳ ва масъулият билан иш олиб боришларига хизмат қилади.