Янгиликлар

5 Август 2023

ЁШЛАРГА ЧАВАНДОЗЛИК ВА МЕРГАНЛИК ЙЎНАЛИШЛАРИДА МАШҒУЛОТЛАР ЙЎЛГА ҚЎЙИЛДИ

Куни кеча Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида жойлашган Миллий гвардия ҳузуридаги Қорабайир отлари маҳорат мактабида ташкил этилган навбатдаги тадбирда ҳудуддаги уюшмаган ёшлар, шунингдек, вилоят мудофаа ишлар бошқармаси ҳузуридаги чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлари бўйича тайёрлаш маркази чақирилувчилари иштирок этдилар.

Вилоят “Қўриқлаш” бошқармаси, Термиз ҳарбий прокуратураси, Чавандозлар ҳамда Қорабайир отлари маҳорат мактаби ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда эртамиз эгалари миллий қадриятларимиз асносида шаклланган спорт ўйинлари ҳақида қизиқарли маълумотларга эга бўлдилар.

Мактабда фаолият юритаётган от спортининг конкур ҳамда поло турлари бўйича секцияларда машғулот олиб бораётган ёш чавандозлар от устида ҳаракатларини кўрсатиб бериб, тулпорларни бошқаришдаги ўз маҳоратларини намойиш қилдилар. Бу эса ташриф буюрганларга катта қизиқиш уйғотди.

Саёҳат доирасида йигитлар иштирокида спортнинг камондан отиш тури бўйича ҳам машғулотлар олиб борилди. Нишонга қарата ўқ отиш тартиблари, камондан фойдаланишда хавфсизлик қоидалари тушунтирилгач, ёшлар ўз мерганлик қобилиятларини синовдан ўтказдилар.

Назарий ва амалий тарзда ўтказилган машғулотлар, ёшларнинг миллий ўйинларимизга оид билим ва кўникмаларини шакллантиришга, маҳоратларини янада оширишга, ўз қобилиятларини синовдан ўтказишга хизмат қилди.