КУНДАЛИК ХИЗМАТНИ СИФАТЛИ ВА САМАРАЛИ ТАШКИЛ ЭТИШДА ИНТИЗОМ ВА ТАРТИБ МУҲИМ
Куни кеча Денов туманида Миллий гвардия Сурхондарё вилояти "Қўриқлаш" бошқармасининг Денов, Сариосиё, Узун, Олтинсой ва Шўрчи туманлари "Қўриқлаш" бўлимлари ходимлари иштирокида, соҳада хизмат интизомини мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини таъминлаш масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Унда Миллий гвардия вилоят бўйича бошқармаси бошлиғи подполковник Р.Жабборов, вилоят "Қўриқлаш" бошқармаси бошлиғи полковник А.Ҳўжамуротов ҳамда Миллий гвардия Шахсий хавфсизлик бўлими бошлиғи Ж.Шароповлар томонидан ўтган давр мобайнида хизмат интизомини бузиш ҳолатлари, ходимлар томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликлар, олдини олиш чоралари ҳақида сўз юритилди. Кундалик хизматни сифатли ва самарали ташкил этиш, фаолиятга тааллуқли бўлмаган ишларга аралашмаслик, оилавий низоларни ўз вақтида бартараф этиш зарурлиги таъкидланди. Кўп йиллардан буён самарали хизмат олиб бораётган ходимлар ёш сафдошларига ўрнак бўлиб, уларни етук кадр қилиб тарбиялашлари, соҳанинг янада ривожига ўз ҳиссаларини қўшишлари муҳимлиги тушунтирилди. Тадбирда иштирокчилар томонидан берилган саволларга масъуллар томонидан тегишли жавоб ва тушунчалар берилди.