Янгиликлар

9 Сентябрь 2023

МУАММОЛАРНИ МАНЗИЛЛИ БАРТАРАФ ЭТИШ БЎЙИЧА МУЛОҚОТ ЎТКАЗИЛДИ

Миллий гвардия тизимларида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчи ва ходимларнинг муаммоларини манзилли ўрганиш ва уларни қийнаб келаётган масалаларга ечим топиш мақсадида масъуллар томонидан режа асосида сайёр қабуллар ўтказилмоқда.

Куни кеча ана шундай ўрганишлардан бири Тошкент ҳарбий прокуратураси ташаббуси билан ва Тошкент вилояти “Қўриқлаш” бошқармаси шахсий таркиби, уларнинг оила аъзолари ҳамда нафақадаги тинчлик посбонлари билан оммавий сайёр қабул ўтказилди.

Сайёр қабул аввалида мутасадди раҳбарлар томонидан ходимлар ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шахсий таркиб билан ишлашнинг самарали тизимини жорий этиш ҳамда тизимда интеллектуал, жисмоний ва жанговар салоҳиятни ошириш бўйича қилинаётган ишлар тўғрисида атрофлича тўхталиб ўтилди.

Шундан сўнг ишга жойлашиш, ходимларни ота-оналарини имтиёзли дам олиш масканларига йўлланма асосида юбориш, моддий ёрдам ажратиш, ишсиз ходимларнинг турмуш ўртоқларини тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишлари учун кўмаклашиш, коммунал хизматлар, фарзандларини мактабга ва мактабгача таълим ташкилотларига жойлаштириш каби ва ўнлаб йўналишлардаги масалаларга оид мурожаатлар тингланди.

Қилинган мурожаатларни белгиланган тартибда кўриб чиқиб ҳал қилиш учун назоратга олинган ҳолда тегишли ташкилотларга юборилди, мурожаат эгаларига йўналишлари доирасида ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Жаҳон ва ўзбек адабиёти намоёндалари қаламига мансуб турли жанрдаги асарлардан таркиб топган китоб ярмаркаси ҳам тадбирга ташриф буюрганларга манзур бўлди. Тинчлик посбонлари турли номдаги босма нашрлар, шунингдек фарзандлари учун болалар адабиёти намуналарини ҳам харид қилиш имкониятига эга бўлдилар.