СУРХОНДАРЁДА МИЛЛИЙ ГВАРДИЯ ПОЛВОНЛАРИ КУЧ СИНАШДИ
Спорт билан шуғулланиш, жамоада соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда, бирдамликни оширишга хизмат қилади. Айниқса мунтазам спорт билан шуғулланиб, жисмоний ва жанговар шайликни ошириб бораётган "Қўриқлаш" хизмати ходимлари ўртасида ташкил этиладиган мусобақалар муросасиз кўриниш касб этади. Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги муносабати билан шахсий таркиб ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида "Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!" шиори остида спортнинг кураш тури бўйича Миллий гвардия Сурхондарё вилояти "Қўриқлаш" бошқармаси бошлиғи кубоги мусобақаси ташкил этилди. Унда 100 га яқин Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари, шаҳар ва туман "Қўриқлаш" бўлимлари полвонлари ўз имкониятларини синовдан ўтказдилар. Ҳар бир баҳслар тажрибали ҳакамлар томонидан одилона бошқариб борилди. Мусобақада ғолибликни қўлга киритиш учун гиламга тушган полвонлар муросасиз кураш олиб боришди.
Қизғин курашларга бой бўлган мусобақада ғолиблар аниқланиб, тадбир якунида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан биринчи, иккинчи, учинчи даражали диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Ташкил этилаётган бу каби мусобақалар шахсий таркиб орасида кураш спорт турини оммалаштиришда, саломатлигини мустаҳкамлашда, дўстлик ва ҳамжиҳатликни оширишда муҳим аҳамият касб этади.