ЎТА МУҲИМ ВА ТОИФАЛАНГАН ОБЪЕКТЛАРНИ ҚЎРИҚЛАЁТГАН ВАЗИРЛИКЛАР ВА ИДОРАЛАРНИНГ ИДОРАВИЙ ҲАРБИЙЛАШТИРИЛГАН ҚЎРИҚЛАШ БЎЛИНМАЛАРИ ИШЧИ-ХИЗМАТЧИЛАРИ ЎРТАСИДА КЎРИК-ТАНЛОВ МУСОБАҚАСИ БЎЛИБ ЎТДИ
Бугунги кунда ҳуқуқ тартибот идораларида фаолият олиб бораётган ходимларнинг жисмоний ва жанговар тайёргарликларини ошириш, шунингдек, соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, куни кеча ўта муҳим ва тоифаланган объектларни қўриқлаётган вазирликлар ва идораларнинг идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмалари ишчи-хизматчилари ўртасида кўрик-танлов мусобақаси бўлиб ўтди.
Спорт билан доимий машғул бўлиш ва жисмоний тайёргарликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган мазкур мусобақаларда республикамизнинг турли вилоятларидан ташриф буюрган 13 та жамоалар иштирок этишди. Беллашувлар аввалида мутахассислар томонидан иштирокчиларга хавфсизлик қоидалари ҳамда шартларни бажариш тартиблари тушунтирилди. Шундан сўнг, иштирокчилар қизғин баҳсларга киришдилар. Ўзаро дўстлик, ҳамжиҳатлик ва кўтаринки кайфиятда кечган мусобақа давомида ходимларнинг жисмоний имкониятлари синовдан ўтказилди.
Кўрик танлов 3 турда ташкил этилиб, биринчи турда иштирокчилар турникда тортилиш, 100 ҳамда 3000 метр масофага югуриш машқларидан имтиҳон топширдилар. Мусобақанинг 2 турида эса қатнашчилар ўз билим ва кўникмаларини тест синовларида синаб кўришди. Бундан ташқари кўнгилсиз ҳодисалар юз берганда фуқароларга биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича кўникмаларини амалда намойиш этишди.
Шундан сўнг ўқ отиш бўйича амалий имтиҳонларда мерганлик маҳоратлар синовдан ўтказилди. Таъкидлаш жоизки, беллашувларни малакали ҳакамлар одилона баҳолаб боришди.
Муросасиз кечган ушбу мусобақа натижаларига кўра Ўзбекистон темир йўллари жамоаси учинчи ўринни, "Навоий кон-металлургия комбинати" АЖ жамоаси иккинчи ўринни, Миллий гвардия "Қўриқлаш" бош бошқармаси жамоаси эса фахрли биринчи ўринни эгаллади.
Мусобақанинг ёпилиш маросимида ғолиблар ташкилотчилар томонидан тантанали равишда қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.