"ҚЎРИҚЛАШ" ХИЗМАТИ АФЗАЛЛИКЛАРИ ЮЗАСИДАН МАЪЛУМОТЛАР ЮРТДОШЛАРИМИЗГА ЕТКАЗИЛМОҚДА
Бугунги кунда замонавий ва энг сўнгги турдаги техник қўриқлов воситалари имкониятлари орқали республикамиз бўйлаб ўғирлик ва бошқа турдаги ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга эришиб келинмоқда. Айнан ушбу фаолият билан юртдошларимизни яқиндан таништириш мақсадида Хоразм вилояти "Қўриқлаш" бошқармаси ходимлари томонидан Урганч шаҳрининг Маърифатчи, Наврўз ва Истиқлол маҳаллаларида "Қўриқлаш" хизмати афзалликлари юзасидан тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Тадбирлар доирасида фуқароларга замонавий қўриқлов сигнализация воситаларининг турлари ва вазифалари ҳамда афзаллик жиҳатлари етказилди. Хизмат автобусда ташкил этилган интеграллашган қўриқлов воситаларининг намойиши эса ўз хонадонини қўриқловга топширмоқчи бўлган фуқаролар учун жуда фойдали бўлди дейиш мумкин. Негаки, улар мол-мулкларининг қўриқлови қандай воситалар асосида амалга оширилишини ўз кўзлари билан кўрдилар.
Таъкидлаш жоизки, тарғибот-ташвиқот натижаларида шу ернинг ўзида 4 та тадбиркорлик субъектлари ва 6 та хонадон эгалари "Қўриқлаш" хизматидан фойдаланиш истагини билдирди ва ушбу фуқаролардан белгиланган тартибда аризалар қабул қилинди.
Бу каби тадбирлар республикамизнинг барча ҳудудлари бўйлаб ўтказилмоқда.