Янгиликлар

5 Июль 2025

Маҳаллаларда хавфсиз муҳит – устувор вазифа

Бугунги кунда юртимизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, фуқаролар тинчлиги ва мулки дахлсизлигини кафолатлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада Ички ишлар вазирлиги ҳамда Қўриқлаш Департаменти томонидан амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар алоҳида аҳамиятга эга.

Аҳолининг Қўриқлаш хизмати фаолияти ҳақида чуқурроқ маълумотга эга бўлиши, тизим имкониятлари ва афзалликлари билан яқиндан танишишини таъминлаш мақсадида жойларда тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда. Жумладан, куни кеча Сурхондарё ҳамда Бухоро вилоятларида ўтказилган навбатдаги тарғибот тадбирларида фуқароларнинг хавфсизлик чораларини кўришда шахсий масъулиятини оширишга, уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Кўргазмали тарзда ташкил этилган учрашувларда Қўриқлаш хизматининг мақсад ва вазифалари, объект ва хонадонларни қўриқловга олиш тартиблари, ўрнатиладиган техник жиҳозлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Маҳаллада хавфсиз муҳитни яратиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, аҳоли хотиржамлигини таъминлашда соҳа имкониятларидан самарали фойдаланиш тавсия этилди.

Қўриққа топшириш истагини билдирган фуқароларга мурожаат этишлари учун тарқатма материаллар тарқатилди. Айтиш керакки, бугунги кунда хизмат ходимлари томонидан ҳудудларда видеокузатув камералари, объект ва хонадонлар учун сигнализация тизимлари ҳамда “ташвиш тугмаси” каби хавфсизлик воситаларини жорий этиш орқали жиноятларнинг олдини олишда самарадорликка эришилмоқда.