Янгиликлар

13 Январь 2025

Байрам арафасида маъмурий бинолар фойдаланишга топширилди

    Қуролли Кучларимиз ташкил этилганлигининг 33 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Миллий гвардия Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли тумани, Наманган вилояти Поп тумани ҳамда Жиззах шаҳар "Қўриқлаш" бўлимларининг янги маъмурий бинолари фойдаланишга топширилди.

    Тантанали тадбирларда Миллий гвардия қўмондони Р.Джураев, туман ва шаҳарлар ҳокимликлари вакиллари, "Қўриқлаш" бош бошқармаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мутасаддилари, туман-секторлар раҳбарлари, тизим фахрийлари, шахсий таркиб ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
    Миллий гвардия қўмондони ўзининг кириш сўзида, байрам арафасида фойдаланишга топширилаётган маъмурий бинолар шахсий таркиб учун муносиб совға эканлигини таъкидлаб, тантанали маросимларга ташриф буюрган меҳмонларни ва саф тортиб турган барча Миллий гвардия ходимларини ҳамда улар орқали барча сафдош дўстларни Қуролли Кучларимиз ташкил этилганлигининг 33 йиллик байрами билан самимий муборакбод этди.
    Тадбирларда сўз олганлар "Қўриқлаш" ходимларини янги бинолар билан табриклаб, яратилган шарт-шароитлардан унумли фойдаланиш, халқимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида самарали хизмат олиб бориш, жамоат тартибини сақлаш ҳамда жисмоний ва юридик шахслар мол-мулкларини ишончли қўриқловини сақлашдек шарафли ва эзгу ишларида муваффақиятлар тиладилар.
    Рамзий ленталар кесилгач, меҳмонлар янги бинолардаги катта ва ёруғ хизмат хоналари, жисмоний ва жанговар тайёргарликларини ошириб бориш учун ташкил этилган спорт заллари, барча зарурий тиббий воситалар ва анжомлар билан тўлдирилган тиббиёт ва руҳий енгиллик хоналари, зиё маскани бўлмиш кутубхоналар ва мерганлик маҳоратларини ошириш учун электрон ўқ отиш хоналари ҳамда фуқароларни қабул қилиш марказлари билан яқиндан танишдилар.
    Эндиликда ушбу биноларда ходимлар касбий ва жисмоний маҳоратларини ошириб, "Қўриқлаш" хизмати сифатини оширишади.

Саҳифадаги хатолар бўйича манзил:

Матн хато билан:

Сизнинг изохингиз ёки тўғри версия:

Close menu