АЁЛ ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИ ВА ХОДИМАЛАРНИНГ ЖАМИЯТДАГИ РОЛИНИ КУЧАЙТИРИШ МАҚСАДИДА УЧРАШУВ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ
Самарқанд вилоятида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши аъзолари томонидан вилоятдаги аёл ҳарбий хизматчи ва ходималар учун “Тинчлик ва хавфсизликни таъминлашда хотин-қизларнинг ўрни” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Миллий гвардия Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ҳамда “Қўриқлаш” хизмати сафларида хизмат қилаётган хотин-қизлар иштирок этган учрашувда бугунги кунда ходималарнинг самарали фаолият олиб боришлари учун уларга яратиб берилаётган имкониятлар хусусида сўз юритилди.
Шу ўринда тинчлик посбонларни қийнаб келаётган муаммолар ўрганилиб, уларни бартараф этиш борасида масъулларга кўрсатмалар берилди.
Суҳбат жараёнида шахсий таркиб орасида аёлларнинг тутган ролини янада кучайтириш, ходималарнинг хизмат интизомини мустаҳкамлаш, уларнинг оилавий аҳволини ўрганиш ҳамда оилавий низоларнинг олдини олиш каби муҳим жиҳатлар ҳам муҳокамалар мавзусига айланди.
Куннинг иккинчи қисмида эса аёл ҳарбий хизматчи ва ходималарнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, улар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида вилоят тиббиёт бирлашмаси шифокорлари томонидан тиббий кўриклар ташкил этилиб, чуқурлаштирилган тартибда текширувдан ўтказилди. Мақсад эса – юзага келиши мумкин бўлган турли касалликларни эрта аниқлаш, ўзларни ўз вақтида бартараф этишдан иборатдир.
Кун якунида эса масъуллар ва ходималар иштирокида Самарқанднинг тарихий обидаларига кичик саёҳат ҳам ташкил этиб яна бир бор қадимий ва бетакрор тарихимиз билан яқиндан танишлари учун замин яратилди.