Аввал хабар берганимиздек, Миллий гвардия қўмондони назорати остидаги ишчи гуруҳ томонидан республикамизнинг барча вилоятларида манзилли ишлар олиб борилмоқда.
Аввал хабар берганимиздек, Миллий гвардия қўмондони назорати остидаги ишчи гуруҳ томонидан республикамизнинг барча вилоятларида манзилли ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, бугун Миллий гвардия "Қўриқлаш" бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари полковник З.И.Бўронов бошчилигида Андижон шаҳрида жойлашган мактабларга ташриф буюрилиб, Миллий гвардия ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилаётган ишларининг натижалари ўрганилди.
Учрашувларда мактаб директорлари, инспектор-психологлар ва ўқитувчилар билан “Мактаб-маҳалла-оила” тамойили асосида таълим жараёнида ўқувчиларнинг давоматини ташкил этиш, бу борадаги муаммо ва уларнинг ечимлари ҳамда ўқув муассасаларида ҳарбий-ватанпарварлик тадбирларини ташкил этиш масалалари муҳокама этилди. Мактаб ўқувчилари билан бокс бўйича Олимпия ва Жаҳон чемпиони Ҳасанбой Дўсматов, Осиё чемпиони Иқболжон Холдоров ҳамда тизим фахрийлари иштирокида учрашув ташкил этилди. Тадбирда чемпионлар спорт ютуғларини қўлга киритишда мамлакатимиз томонидан яратилган имкониятлар, ўқувчилик даврлари ҳамда ватан ғурури, ватанпарварлик ҳисси ҳақида сўз юритишди.
Шунингдек, "Хавфсиз мактаб" лойиҳасига асосан, мактабларнинг хавфсизлигини таъминлашда янги тизим асосида жорий қилинган қоровуллик хизматини ташкил этиш, ўқув муассасаларига ўрнатилган "ташвиш" тугмалари ва видеокузатув тизимларини такомиллаштириш, биометрик идентификация тизимларини жорий қилиш ҳамда тезкор ҳаракатланувчи гуруҳларнинг хизмат фаолиятини кучайтириш бўйича мутасадди раҳбарларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Бундан ташқари, ўқувчиларни соғлом турмуш тарзига кенг жалб қилиш, дарслардан сўнг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун мактабларда спорт тўгараклари фаолиятларини ташкил этиш масалалари мутасадди ташкилотлар билан муҳокама қилинди. Эндиликда ушбу мактабларда ёшлар камондан отиш, қўл жанги, бокс, енгил атлетика сингари спорт турлари бўйича доимий шуғулланиш имкониятига эга бўлишди.