Янгиликлар

20 Декабрь 2025

Ватанпарварлик ойлиги доирасида бугун Қўриқлаш Департаментида ходимларнинг фарзандлари учун “Ота-онам билан бир кун” лойиҳаси ҳамда Янги йил байрамига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Ватанпарварлик ойлиги доирасида Қўриқлаш Департаментида ходимларнинг фарзандлари учун “Ота-онам билан бир кун” лойиҳаси ҳамда Янги йил байрамига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Ушбу ташаббус орқали ёш авлодни Ватанга муҳаббат, касбга ҳурмат ва масъулият руҳида тарбиялаш, шу билан бирга ота-она меҳнати билан яқиндан таништириш мақсад қилинди.

Тадбир доирасида болалар ота-оналари билан бир кун давомида елкама-елка туриб, уларнинг хизмат фаолиятини кузатдилар. Бу жараёнда фарзандлар қўриқлаш хизматига хос интизом, сергаклик ва фидойилик каби фазилатларни амалда кўриб, касбнинг нақадар масъулиятли эканини ҳис этдилар.

Шунингдек, болалар учун Қўриқлаш Департаментининг шонли музейига саёҳат уюштирилди. Музей экспозициялари орқали улар тизим тарихи, шижоатли хизмат анъаналари ва фидойи ходимлар ҳақида қизиқарли маълумотларга эга бўлдилар. Кейинчалик махсус хизмат транспорт воситалари билан танишув ўтказилиб, уларнинг техник имкониятлари ва хизматдаги ўрни намойиш этилди.

Тадбир давомида турли беллашувлар ва интерактив ўйинлар ташкил этилиб, фаол иштирокчилар эсдалик совғалари билан тақдирланди. Байрамона кайфият эса Қўриқлаш Департаменти ансамблининг концерт дастури билан янада юксалди. Қўшиқ ва рақслар, Янги йилга хос чиқишлар болажонларга унутилмас таассурот улашди.

Мазкур тадбир ёш авлод қалбида Ватанга садоқат, тинчликни асрашга бўлган масъулият ва фахр туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилди. Зеро, бугунги болалар — эртанги Ватан ҳимоячилари, тинч ва осойишта юртнинг муносиб давомчиларидир. Тадбирнинг энг қизиқарли қисмларидан бири хизмат итларининг чиқиши бўлди. Мутахассислар томонидан хизмат итларининг тайёргарлиги, буйруқларни бажариш маҳорати кўргазмали тарзда намоён этилди. Шу билан бирга, қурол-аслаҳаларнинг кўргазмали намойишлари ўтказилиб, болаларга хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда тушунтиришлар берилди.