Янгиликлар

3 Август 2023

ХОДИМЛАР ВА УЛАРНИНГ ОИЛА АЪЗОЛАРИ ИШТИРОКИДА ОЧИҚ МУЛОҚОТ ЎТКАЗИЛДИ

Тинчлик посбонларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш ва “Қўриқлаш” хизмати сафларида фаолият олиб бораётган шахсий таркибнинг муаммоларини барвақт аниқлаш, уларга муносиб ечимлар топиш мақсадида Хоразм вилояти Урганч шаҳар “Қўриқлаш” бўлимидаги ходимлар ва уларнинг оила аъзолари иштирокида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбир давомида ходимларнинг хизмат ўташ тартиби, йўл қўйилаётган камчиликлар ва ютуқлари сарҳисоб қилиниб, келгусидаги режалар белгилаб олинди.

Сўз олганлар тинчлик посбонларининг ишдан бўш вақтларида оила аъзолари билан бўш вақтларини қандай ўтказишлари ҳамда ишдан ташқари вақтларда ким билан қаерга боришларига алоҳида аҳамият қаратиш лозимлиги хусусида ҳам тўхталиб ўтдилар.

Хизматдан бўш вақтларида ходимлар орасида учраши мумкин бўлган қонун бузилиш ҳолатларини олдини олиш, тамагирлик, фирибгарлик каби ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик ҳамда сафдошларига ўрнак бўлган ҳолда хизмат олиб боришга жиддий эътибор қаратиш лозимлиги тушунтирилди.

Шунингдек, оилавий муносабатлар, фарзанд тарбияси ва хизматни тўғри ташкил этиш борасида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Тадбир якунида намунали хизмат олиб бориб, шахсий таркибга ўрнак бўлган ходимлар ва уларнинг ота-оналари алоҳида эътироф этилди.