Янгиликлар

24 Апрель 2025

Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш Департаменти шахсий таркиби учун Ўзбекистон Республикаси прокуратураси музейига саёҳат ташкил этилди

Музейлар — тарихнинг сирли хилқатларини ўзида мужассам этган ҳолда халқлар маданиятини, қадриятларини тараннум этувчи маскан ва давлатларни бир-бирларига яқинлаштирувчи кўприк ҳисобланади.
Ходимларни ўз тарихига ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларда аждодлар қолдирган бой маданий меросни асраб авайлаш туйғуларини шакллантириш мақсадида куни кеча Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш Департаменти шахсий таркиби учун Ўзбекистон Республикаси прокуратураси музейига саёҳат ташкил этилди.
Мазкур ташриф давомида музейдаги 36 та асосий экспозиция стендлари орқали прокуратура тарихининг энг қадимдан то бугунги кунгача бўлган даври, тизимнинг барча йўналишлари фаолияти тўғрисида батафсил маълумотларга эга бўлишди.
Олий даражали унвонга эга, давлат мукофотларига сазовор бўлган юксак эътироф соҳиблари, қолаверса, илм-фан соҳасида ютуққа эришган ҳамда спорт мусобақалари ғолиблари бўлган прокурорларнинг ҳаёт йўллари,эзгу амаллари тўғрисидаги маълумотлар иштирокчиларнинг билимларини мустаҳкамлашга ҳамда тарих бўйича тасаввурларини янада бойитишга кенг замин яратди.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, музей фондида жамланган 5 мингга яқин ҳужжатлар, 7 мингдан ортиқ фото ва видеоматериаллар, 2 мингга яқин экспонатлар бу ерга ташриф буюрувчи ҳар бир инсонни ўз халқи тарихи билан ғурурланишга, ўтмиши, бугунги куни ва порлоқ истиқболи тўғрисида мушоҳада қилишга, маънавий эҳтиёжини қондиришга ва шу баробарида, авлодларни ҳам буюк аждодлари каби ватанпарварлик туйғуларига содиқ қолишга ундайди.