МИЛЛИЙ ГВАРДИЯГА БИРИКТИРИЛГАН ЁШЛАР УЧУН ТАДБИР ТАШКИЛЛАШТИРИЛДИ
Куни кеча Миллий гвардия Андижон вилояти бўйича бошқармаси, вилоят "Қўриқлаш" бошқармаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Андижон вилояти Кенгаши ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида Миллий гвардияга бириктирилган маҳалла ёшлари иштирокида очиқ эшиклар куни ўтказилди.
Дастлаб ёшлар чавандозлар мактаби мутахассислари томонидан ташкил этилган от миниш, от устида камондан отиш маҳорат дарслари билан яқиндан таништирилди. Шундан сўнг ёшлар билан китобхонлик, шахмат, шашка бўйича мусобақалар ўтказилиб, улар ўртасида ватанпарварлик сифатларини шакллантириш мақсадида мавжуд бўлган ҳарбий анжом-аслаҳалар, ҳарбий техникалар кўргазмаси ташкил этилди.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан "Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!" шиори остида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида хизмат қилиб, нафақага чиққан фахрийлар иштирокида "Ватан тақдири учун ҳар биримиз масъулмиз" мавзусида уч авлод учрашуви ташкил этилиб, фахрийларимизнинг юртимиз тинчлиги ва осойишталиги, фуқароларимизни хавфсизлигини таъминлаш йўлида олиб борган хизматлари эътироф этилди.
Шунингдек, тадбир сўнгида фахрийлар томонидан ёшларга ўзларининг маслаҳат ва тавсияларини берилди.
Куннинг иккинчи ярмида ёшлар Миллий гвардия қўмондони Кубоги учун футбол мусобақасида беллашдилар, ғолиблар қимматбаҳо совғалар ва кўчма кубок билан тақдирланди.