ЁШЛАРДА ҲАРБИЙ-ВАТАНПАРВАРЛИК РУҲИНИ ОШИРИШГА ҚАРАТИЛГАН ТАДБИР
Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларнинг қалбида ватанпарварлик туйғусини шакллантириш мақсадида Термиз шаҳридаги 9-сонли умумтаълим мактабида ҳарбий ватанпарварлик ва спорт тадбирлари ташкил этилди. Миллий гвардия Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда "Қўриқлаш" бошқармаси ташаббуси билан ўтказилган тадбирда ёшлар таълим масканида мусиқа ва санъат, рассомчилик, китобхонлик ҳамда спорт йўналишларида эгаллаган билим ва кўникмаларини намойиш этишди. Тадбирнинг бадиий қисмида ўқувчилар томонидан миллий қадриятларимизни, ватанимизни мадҳ этувчи куй-қўшиқ ва рақслар ижро этилиб, йиғилганларга кўтаринки кайфият улашилди. Миллий гвардия ходимларининг қўл жанги бўйича кўргазмали чиқишлари эса ўғил-қизларга ғурур ва ифтихор бағишлади.
Тадбир доирасида спортнинг камондан отиш, шахмат ва шашка, стол тенниси ҳамда арқон тортиш турлари бўйича мусобақалар уюштирилди. Бу эса ёшлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилди. Шунингдек, Миллий гвардия бўлинмаларида хизматда фойдаланиб келинаётган махсус жиҳозлар, техникалар билан яқиндан таништирилди. Бу орқали ўқувчилар ҳарбийлар ва ходимларнинг шарафли вазифаларига оид қизиқарли маълумотларга эга бўлдилар. Ёш авлоднинг ватанпарварлик руҳида камол топишига хизмат қилувчи бу каби тадбирлар вилоятда давом этмоқда.