Янгиликлар

4 Август 2023

ТИНГЛОВЧИЛАР УЧУН ДАВРА СУҲБАТИ ЎТКАЗИЛДИ

Аҳоли гавжум жойлар, бозорлар, хиёбонлар ҳам фуқароларнинг мол-мулклари хавфсизлигини таъминлашда бугунги кунда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилот вакиллари қатори Миллий гвардия ҳарбий хизматчи ва ходимлари ҳам фидойилик билан ўз хизматларини ўтаб келишмоқда.

Аҳоли тинчлик ва хотиржамлигини сақлаб келаётган тинчлик посбонларининг эса доимий малакаси оширилиб, уларни турли йўналишлардаги кўникмаларини мустаҳкамлашни бугун замоннинг ўзи тақозо этмоқда.

Айниқса, қўриққа олинган объектлардан ташвиш хабари келиб тушганда, ушбу ҳудудларда ёнғин содир бўлган бўлса уни бартараф этиш, ҳуқуқбузарларни мол-мулкларга қасддан зарар етказишига йўл қўймаслик ҳамда иншоотлар ичидаги инсонларни талафотсиз эвакуация қилиш кўникмаларини ривожлантириш бугун муҳим йўналишлардан бирига айланиб бормоқда.

Куни кеча Жиззах минтақавий ўқув марказида тингловчилар учун ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни доирасида вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси масъуллари ва маҳалла фаоллари ҳамкорлигида учрашув ташкил этилди.

Унда маҳалларда қўриққа топширилган объектлар муҳофазасини кучайтиришда аҳамият қаратилиши лозим бўлган муҳим жиҳатлар, ташвиш хабари бўйича йўналтирилган тезкор ҳаракатланувчи гуруҳ аъзоларининг объектларда баъзи ҳолатларда дуч келиши мумкин бўлган ёнғин билан боғлиқ ҳолатларда ҳаракатланиш тартиблари ҳақида сўз юритилди.

Шунингдек, муҳофазага олинган ҳудудларда жиноятчилик, ўзгаларнинг мол-мулкларини ўзлаштириб олиш каби салбий ҳолатлар камайганлиги, айниқса, тадбиркорларнинг савдо дўконларига тажовуз билан боғлиқ ҳолатлар сўнгги олти ой давомида 12 фоизга камайганлиги, бу эса "Қўриқлаш" хизмати ходимлари томонидан олиб борилаётган тизимли ишларнинг самараси эканлиги таъкидланди.