Янгиликлар

10 Ноябрь 2023

ХОДИМЛАР ЎРТАСИДА ХИЗМАТ ИНТИЗОМИНИ МУСТАҲКАМЛАШГА ҚАРАТИЛГАН УЧРАШУВ БЎЛИБ ЎТДИ

Ходимлар орасида хизмат ва ижрочилик интизомини мустаҳкамлаш мақсадида Бухоро вилояти "Қўриқлаш" бошқармаси раҳбарияти, вилоят ҳарбий прокурори ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъуллари томонидан шахсий таркиб иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур учрашувда ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ходимлар томонидан содир этилиши мумкин бўлган жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ҳамда коррупцион ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича маърузалар қилинди. Бундан ташқари йил бошидан буён ходимлар томонидан хизмат интизоми бузилиши ва йўл қўйилган камчиликлар бирма-бир таҳлил этилди.
Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган учрашувда тизимда хизмат қилаётган ходимларнинг муаммолари ҳам ўрганилиб, улар ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш борасида келгусида амалга оширилиши лозим бўлган чора тадбирлар белгилаб олинди.
Тадбир сўнгида ўз хизмат вазифасига сидқидилдан ёндашиб, хизматдошларига ўрнак бўлган бир гуруҳ ходимлар фахрий ёрлиқ ва пул мукофотлари билан тақдирландилар.