Янгиликлар

22 Декабрь 2023

ХОДИМЛАР УЧУН АРЗОНЛАШТИРИЛГАН САВДО ЯРМАРКАСИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Юртимизнинг барча ҳудудларида Янги йил байрамини кутиб олиш учун катта тайёргарликлар олиб борилмоқда. Янги йил арафасида байрам дастурхонини безаш учун аҳолининг арзон ва сифатли маҳсулотларга эҳтиёжи ортиши табиий. Шуни эътиборга олиб, ҳудудлар бозорлари билан бир қаторда, ташкилотларнинг ўзида ҳам байрам ярмаркалари ташкил этилмоқда. Миллий гвардия Сирдарё вилояти "Қўриқлаш" бошқармасида ҳам соҳада хизмат олиб бораётган ходимлар учун озиқ-овқат маҳсулотлари, ширинликлар ва турли хил мевалардан иборат арзонлаштирилган савдо ярмаркаси ташкил этилди.
Унда деҳқон ва фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалик ва гўшт маҳсулотлари, балиқ, ёғ, ширинликлар, қуруқ мевалар ҳамда ичимликлар арзонлаштирилган нархларда савдога қўйилди. Албатта, бу жараёнда таклиф этилаётган маҳсулотларнинг сифати, сақланиш муддатларига ҳам аҳамият қаратилган бўлиб, Янги йил байрам дастурхони учун энг сара, сархил маҳсулотлар тақдим этилди. Ушбу савдо ярмаркаси ходимларнинг вақтларини тежаб, уларга қулайлик яратгани билан аҳамиятли бўлди. Зеро, аҳоли дастурхонининг тўкинлиги, юрт фаровонлиги гаровидир.