АРЗОНЛАШТИРИЛГАН ОЗИҚ-ОВҚАТ МАҲСУЛОТЛАРИ ЯРМАРКАСИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ
Янги йилга ҳам саноқли кунлар қолди. Шу сабабдан барча байрам дастурхони учун ноз-неъматларни қаердан арзонроқ харид қилишни ўйлаши табиий ҳол, албатта.
Aйни шу мақсадда ходимларнинг байрам кайфиятини кўтариш, Янги йил байрами дастурхонини турли арзонлаштирилган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида Миллий гвардия Бухоро вилояти "Қўриқлаш" бошқармаси томонидан ходимлар учун озиқ-овқат маҳсулотларининг арзонлаштирилган ярмаркаси ташкил этилди.
Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур ярмаркада ҳудудий таъминот корхоналари ҳамда деҳқон ва фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган қорамол гўшти ва гўшт маҳсулотлари, балиқ, тухум, картошка, сабзи, пиёз, ўсимлик ва пахта ёғи, турли хил мевалар, ун маҳсулотлари ҳамда бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари бозор нархидан 10-15 фоизгача арзонлаштирилган нархларда тақдим этилди. Чорвадорлар эса ўзлари келтирган гўштнинг килограммини юртимиз ҳимоячилари учун энг арзон нархда сотишди.
Бўлиб ўтган ушбу ярмаркада ходимларнинг оила аъзолари ҳам иштирок этишиб, Янги йил дастурхонини безатиш учун керакли бўлган барча ноз-неъматларни харид қилишди.