Янгиликлар

4 Сентябрь 2023

МАҲАЛЛА АҲЛИ УЧУН КОНЦЕРТ ДАСТУРИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Куни кеча Фарғона шаҳридаги Шароф Рашидов маҳалласида вилоят “Қўриқлаш” бошқармаси масъуллари томонидан “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори остида маъданий-маърифий тадбирлар ҳамда спорт беллашувлари ўтказилди.

Тадбирда сўз олганлар ёшларнинг барча соҳаларда муваффақиятга эришишлари учун яратилган қулайликлар ҳамда имкониятлар ҳақида фикр билдирар эканлар, бу борада йигит-қизлар ҳам имкониятлардан тўла фойдаланган ҳолда жаҳон ареналарида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётганлиги эътироф этилиб, ўқиш ва жамоат ишларида фаол қатнашган, ташаббускор эртамиз эгаларининг бир гуруҳини ота-оналари алоҳида эътироф этилди.

Шу билан бир қаторда, тадбирлар давомида маҳалла ҳудудида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар, “Хавфсиз маҳалла” тамойили доирасидаги натижалар ҳақида ҳам маълумотлар берилди.

Кўтаринки кайфиятда ташкил этилган тадбир байрамона тус олиб юзлаб инсонларни бир даврага жамлади. Айниқса, спорт ихлосмандлари учун ташкил этилган камондан отиш мусобақаларида маҳалла болалари дўстона баҳсларга киришдилар.

Болалар учун дастлаб камондан отиш қонун-қоидалари ва ўйин шартлари тушунтирилиб, мусобақаларга старт берилди.

Ватанни, тинчликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар ижро этилиб, барча мароқ билан рақсга тушдилар. Маданият бўлими хонандалари томонидан тайёрланган концерт дастури катта-кичик хотирасида узоқ вақт сақланиб қоладиган бўлди.