1 октябрь – Ўқитувчилар ва мураббийлар куни Тошкент шаҳар Қўриқлаш бошқармасида кенг нишонланди
Ҳар йили 1 октябрь куни мамлакатимизда улуғ касб эгалари — устоз ва мураббийлар шарафланади. Мазкур сана муносабати билан Тошкент шаҳар Қўриқлаш бошқармасида ҳам байрам тадбири ўтказилди. Унда соҳада кўп йиллик тажрибага эга бўлган фахрий мураббийлар ҳамда бошқарма ходимлари иштирок этдилар.
Тадбир дастури фахрийларнинг бошқарма музейига ташрифи билан бошланди. Улар бу ерда Қўриқлаш тизимининг шаклланиши, ютуқлари ва ривожланиш босқичлари билан яқиндан танишиб, ўз хотираларини янгилашди. Шунингдек, фахрийлар Тошкент шаҳар Қўриқлаш бошқармасининг замонавий мониторинг марказига ташриф буюриб, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жорий этилган технологиялар ва инновацион ечимларни кўздан кечирдилар.
Байрамнинг тантанали қисмида Тошкент шаҳар Қўриқлаш бошқармаси бошлиғи сўзга чиқиб, барча ўқитувчи ва мураббийларни самимий табриклади. Устоз ва мураббийларнинг ёшларга бераётган сабоқлари, ходимларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги хизматлари алоҳида эътироф этилди.
Тадбир давомида Қўриқлаш департаменти ашула ва рақс ансамбли томонидан бадиий чиқишлар намойиш этилди. Байрамона куй-қўшиқлар, миллий рақслар тадбирга кўтаринки кайфият бағишлади. Якунда фахрий мураббийларга эсдалик совғалари топширилди.
Мазкур тадбир нафақат устоз ва мураббийларга бўлган чуқур ҳурмат ва эҳтиром ифодаси, балки уларнинг ёш авлод тарбиясига қўшган беқиёс ҳиссасига билдирилган миннатдорлик рамзи бўлди.