Янгиликлар

30 Май 2024

1 ИЮНЬ – ХАЛҚАРО БОЛАЛАРНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН МУЗЕЙГА САЁҲАТ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни бутун дунё болалари учун энг беғубор ва қувончли байрам ҳисобланади. Албатта, бола – бу дунё, ҳаёт мазмунининг ажралмас қисмидир. Болалар ўз табассумлари орқали инсонлар қалбида ҳаётга, яшашга бўлган қизиқишни уйғотадилар. Кўзларида эзгулик ва меҳр қалқиб турган болажон мусаффо осмонда эркин парвоз этаётган қалдирғоч мисоли.

Сана муносабати билан дунёнинг деярли барча мамлакатларида келажагимиз эгалари учун турли концертлар, кўргазмалар, сайиллар, спорт мусобақалари ва турли хил тадбирлар ўтказилади. Истироҳат боғлари эса болаларнинг табассумлари билан гўёки мўъжизалар дунёсига айланади. Мамлакатимизда ҳам ушбу байрам ҳар йили дилларда қувонч ила нишонланади.

Ана шундай тадбирлардан бири Наманган вилояти "Қўриқлаш" бошқармаси томонидан ўтказилди. Ходимларнинг фарзандлари ва “Ёрқин келажак" номли оилавий болалар уйи тарбияланувчилари учун Чортоқ тумани “Короскон” музейига саёҳат ташкил этилиб, болажонлар музейда юртимизнинг тарихи ва халқимизнинг турмуш тарзидан ҳикоя қилувчи экспонатлар билан таништирилди. Болажонларга ота-оналари ҳамроҳлигидаги саёҳат олам-олам завқ улашди.