Янгиликлар

22 Сентябрь 2023

Термизда Миллий гвардия тизимидаги полвонлар куч синашди

Жорий йилнинг 19-21 сентябрь кунлари Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида жойлашган "Сурхон арена" спорт мажмуасида спортнинг кураш тури бўйича Миллий гвардия биринчилиги мусобақаси ташкил этилди.

Унда республикамизнинг барча ҳудудларида Миллий гвардия сафларида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар ҳамда Қўриқлаш бош бошқармаси ходимлари иштирок этдилар. Мусобақанинг очилиш маросимида Миллий гвардия Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи ҳамда Ўзбекистон кураш федерацияси масъуллари сўз олиб, юртимизда кураш спорт турини ривожлантириш, унинг халқаро нуфузини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталиб, мазкур мусобақада қатнашаётган барча спортчиларга омад тиладилар.

Шундан сўнг, 100 дан ортиқ полвонлар гиламга тушиб, 7 та вазн тоифасида ўз имкониятларини синаб кўрдилар. Иштирокчиларнинг баҳслари малакали ҳакамлар томонидан одилона бошқариб борилди. Ҳар бир баҳсларда полвонлар муросасиз кураш олиб боришди.

Қизғин курашларга бой бўлган мусобақада ҳам ҳар бир вазн тоифасида ғолиблар аниқланди. Мусобақанинг умумжамоа ҳисобидаги натижаларга кўра, Миллий гвардия Тошкент вилоятининг ҳарбий қисм жамоаси учинчи ўринни, Қўриқлаш бош бошқармаси жамоаси иккинчи ўринни, Қорақалпоғистон республикаси Миллий гвардияси бошқармаси жамоаси фахрли биринчи ўринни қўлга киритиб, мусобақа бош кубогига эга чиқди.