КАМОНДАН ОТИШ МУСОБАҚАСИДА КУЧЛИЛАР САРАЛАНДИ
Жорий йилнинг 14 октябрь санасида Самарқанд шаҳрида жойлашган "Динамо" ўйингоҳида Камондан отиш бўйича Миллий гвардия Самарқанд вилояти Қўриқлаш бошқармаси бошлиғи кубоги мусобақаси бўлиб ўтди.
Унда Миллий гвардия ҳарбий хизматчи ва ходимлари, 1-сон Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, ҳаваскор ёшлар ҳамда мусобақа иштирокчилари қатнашишди.
Мусобақа аввалида, Самарқанд вилояти Камондан отиш федерацияси раиси Р.Номозов сўзга чиқиб, вилоятда ушбу спорт турини ривожлантириш борасида қилинаётган ишлар бўйича маълумот берди ва барча мусобақа иштирокчиларига омад ва зафарлар тилади. 30 метр масофани нишонга олган ҳолда камондан отиш аслида оддий туюлсада, аммо инсондан катта куч ва матонат талаб этади.
Мусобақада ана шундай ўз кучига ишонган 30 нафардан ортиқ ўсмир болалар ва ўсмир қизлар ўзаро беллашишди. Маҳоратли спорт усталари мусобақа шартига кўра ҳар бир иштирокчининг тўплаган балларини ҳисоблаб боришди.
Шунингдек, энг кўп балл тўплаган иштирокчилар финал босқичида яна бир бор синовдан ўтишди. Мусобақа сўнгида ғолибларга ташкилотчилар томонидан диплом, қимматбаҳо совғалари ва мусобақа кубоги топширилди.