Янгиликлар

7 Май 2023

КУТИЛМАГАН ШАРТЛАРДА БИРДАМЛИК СИНОВДАН ЎТКАЗИЛДИ

Термиз шаҳридаги Алпомиш ўйингоҳида Миллий гвардия Сурхондарё вилояти "Қўриқлаш" бошқармаси шаҳар ва туман "Қўриқлаш" бўлимларида хизмат олиб бораётган ходимлар ўртасида спортнинг функционал кўпкураш тури бўйича "Қўриқлаш" бошқармаси бошлиғи кубоги учун мусобақа ташкил этилди. Унда шаҳар ва туман "Қўриқлаш" бўлимлари ходимларидан иборат 14 та жамоалар мураккаб машқлар, турли эстафеталарни ўзида мужассам этган 5 та шарт бўйича жамоавий беллашдилар.

Беллашувлар аввалида мутахассислар томонидан иштирокчиларга хавфсизлик қоидалари, шартларни бажариш тартиблари тушунтирилди. Шундан сўнг, иштирокчилар қизғин баҳсларга киришдилар. Ўзаро дўстлик, ҳамжиҳатлик ва кўтаринки кайфиятда кечган мусобақа давомида ходимларнинг жисмоний имкониятлари синовдан ўтказилди.

Якуний натижаларга кўра, фахрли 3-ўринни Термиз тумани "Қўриқлаш" бўлими ходимлари қўлга киритдилар. Қумқўрғон тумани "Қўриқлаш" бўлими ходимлари ҳам турли мураккаб синовларда ўз маҳоратини намойиш этиб 2-ўринга муносиб кўрилди. Шоҳсупанинг юқорисидан жой олиб Бошқарма бошлиғининг кубогига эса Термиз шаҳар "Қўриқлаш" бўлими ходимлари муносиб кўрилди.