БУХОРОДА “ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ ИБРАТЛИ ОИЛАСИ” КЎРИК-ТАНЛОВИНИНГ ВИЛОЯТ БОСҚИЧИ ЎТКАЗИЛДИ
Бугунги ҳаловатли ва фараҳбахш ҳаётимизнинг манбаи бўлган Мустақиллик шарофати билан инсоннинг бахту-саодатига хизмат қиладиган муқаддас қадриятлар қаторида оила деб аталмиш “кичик мамлакат” тақдири ҳам давлат сиёсати даражасига кўтарилган бўлиб, умуминсоний, миллий ва оилавий қадриятлар мустаҳкамланмоқда.
Куни кеча Бухоро савдо мажмуасида “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи” кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди.
Бир-биридан қизиқарли шартлар асосида беллашган, вилоятимизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган иштирокчи оилалар ижобий фазилатлари, жамиятда тутган ўрни, оиланинг қадриятларга муносабати бўйича ўзаро тажриба алмашдилар.
Қувонарлиси шундаки, мазкур танловда иштирок этган, Миллий гвардия Бухоро вилояти "Қўриқлаш" бошқармаси ходими Aзиз Aчиловнинг оиласи "Янги Ўзбекистоннинг энг ибратли оиласи" номинациясида ғолибликни қўлга киритган бўлса, ўз уйини меҳр манзилига айлантириб, 5 нафар меҳрга ташна фарзандларни ўз қарамоғига олган 3 сонли Оилавий болалар уйи, Aбдуллаевлар оиласи танловнинг "Энг матонатли оила" номинацияси ғолиби деб топилиб, вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи ҳамда қимматбаҳо совғасига эга бўлдилар.
Эътироф этиш жоиз, тадбирда Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармасининг оила аъзолари билан ташриф буюрган ҳарбий хизматчилари ҳам фаол иштирок этиб, ғолиб ва совриндорларни қўллаб-қувватлаб турдилар.