Тошкент шаҳри Миробод туманида хавфсиз муҳит яратиш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш мақсадида Қўриқлаш департаменти бошлиғи раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ амалий ишлар олиб бормоқда
Давлатимиз раҳбарининг Тошкент шаҳрида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ҳамда криминоген вазиятни яхшилаш борасидаги топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти бошлиғи полковник Қ.А.Шодибеков бошчилигидаги ишчи гуруҳ Миробод туманида амалий ишлар олиб бормоқда.
Таъкидлаб ўтиш жоизки Миробод тумани аҳоли сони ва фаоллик даражаси бўйича Тошкент шаҳрининг марказий туманларидан бири бўлиб, криминоген вазият бўйича 39 та маҳалланинг 4 таси қизил, 9 таси эса сариқ, 26 таси яшил тоифаларга ажратилган.
Департамент раҳбарининг топшириғи билан қизил ва сариқ тоифадаги маҳаллаларда криминоген вазиятини яхшилаш мақсадида алоҳида ишчи гуруҳ тузилиб, Қўриқлаш департаментининг илмий маркази билан ҳамкорликда илмий асосларга ёндашган ҳолда ҳудудларни назорат қилиш ишлари бошланди.
Алоҳида режа асосида Тошкент шаҳрининг Миробод, Яшнобод ва Бектемир туманларининг кесишмаси ҳисобланувчи Қўйлиқ-ота маҳалласи ва унга туташ ҳудудларда замонавий юздан танувчи (Face ID) видеокузатув камералари, ҳудуд бўйлаб SOS ташвиш тугмаларини ўрнатиш ишлари бошланди ва патруллик-назорат тадбирларини кучайтирилди.
Тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари билан объектларни техник ва жисмоний қўриқловга олиш, бу орқали объектларни хавфсизлигини таъминлаш билан бир қаторда унинг атрофида ҳам жамоат тартибини сақлаш борасида тушунтириш мазмунидаги тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Тезкор ҳаракатланувчи гуруҳларнинг патруллик фаолияти ҳуқуқбузарлик эҳтимоли юқори бўлган ҳудудларга яқинлаштирилди.
Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги академияси курсантларининг соҳавий хизматлар ходимлари билан биргаликда хизматни ташкил этиш борасидаги билимлари амалиётда мустаҳкамланмоқда.