“ЯШИЛ МАКОН” УМУММИЛЛИЙ ЛОЙИҲАСИНИНГ КУЗГИ МАВСУМИ СТАРТ ОЛДИ
Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 11-октябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий йилнинг 25 октябридан 1 декабрь кунига қадар “Кузги дарахт экиш мавсуми” эълон қилинган эди. Республикамиз бўйлаб “Яшил макон” лойиҳасига старт берилиб, маҳаллалар, кўп қаватли уйлар ҳамда марказий кўчалар атрофига турли кўчатлар экилмоқда ҳамда уларнинг парвариши таъминланмоқда. Миллий гвардия масъуллари томонидан ҳам “Янги Ўзбекистон – яшил маконда бирга яшайлик!” шиори остида белгиланган ҳудудларда ушбу жараён узлуксиз ташкил этилмоқда.
Ушбу тадбирда кенг жамоатчилик вакиллари билан бир қаторда Миллий гвардия ҳарбий хизматчилар ва ходимлари ҳам иштирок этиб, бугуннинг ўзида 7700 дан ортиқ манзарали дарахтлар экилди. Жумладан, 1100 тупдан ортиқ гужум, 800 тупдан ортиқ катальпа ва клён, 1300 тупдан ортиқ акация, Япон софораси, каштан, павловния ниҳоллари, 2300 туп чинор, қайрағоч, арча, 2000 тупдан ортиқ терак, бодом ва бошқа манзарали кўчатлар экилди. Шунингдек, 4000 мингдан ортиқ мевали ва дарахтлар қаламчалари ва 600 дан ортиқ каштан, дуб сингари манзарали дарахтлар уруғлари экилди.
Маҳаллаларда дарахтларнинг қуриган шохлари кесилиб, атроф кўкаламзорлаштирилди. Ички йўл четларига турли навдаги ниҳоллар ва бошқа манзарали дарахт кўчатлари экилиб, ариқлар тозаланди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилган ушбу азалий қадрият яна бир бор ҳаммани бир мақсад атрофида бирлаштирди.
Бундай саъй-ҳаракатлардан кўзланган асосий мақсад – халқимизга хос эзгу фазилатларни қадрлаш, эзгуликни ёшлар қалбига сингдириш, қишлоқ ва шаҳарлар, маҳаллаларни кўркам кўринишга келтиришдан иборат.