САЙЁР ҚАБУЛ – МУАММО ВА УЛАРГА ЕЧИМЛАРНИНГ АСОСИЙ КАФОЛАТИДИР
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси ҳамда Қуролли Кучлар тизимидаги вазирлик ва идоралар мутасадди раҳбарлари иштирокида Термиз шаҳрида жойлашган “Ёшлар маркази” биносида Термиз гарнизонида жойлашган ҳарбий қисм ва муассасалар ҳарбий хизматчилари ва ходимлари, уларнинг оила аъзоларини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, мавжуд муаммоларини жойларга чиққан ҳолда ўрганиш мақсадида оммавий сайёр қабул ўтказилди.
Унда Жанубий оператив Қўмондонлиги, Миллий гвардия, "Қўриқлаш", Фавқулодда вазиятлар ва Мудофаа ишлари бошқармалари ҳамда вилоят ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмларда хизмат олиб бораётган ҳарбий хизматчи ва ходимлар, уларнинг оила аъзолари, фахрийлар ҳамда бир гуруҳ ёшлар қатнашди.
Қабулда Республика Ҳарбий прокурорининг ўринбосари Қаҳрамон Исроилов, Миллий гвардия қўмондонининг ўринбосари Сарвар Мамаюсупов ҳамда Мудофаа вазирлиги вакиллари, Сурхондарё вилояти Халқ қабулхонаси раҳбарияти ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этдилар.
Қабулда 435 нафардан ортиқ ҳарбий хизматчи ва ходимлар, уларнинг оила аъзолари, фуқаролар қатнашиб, уларнинг айримлари ўзларини қийнаётган муаммолари билан мутасаддиларга мурожаат қилдилар.
Оммавий сайёр қабулда 115 та мурожаат келиб тушди, шундан 75 таси жойида ижобий ҳал қилинди, 33 таси бўйича тушунтиришлар берилди ҳамда 7 та мурожаат ижроси алоҳида назоратга олинди.