Янгиликлар

8 Январь 2025

"Обод ва хавфсиз маҳалла" тамойили асосида тарғибот тадбирлари бўлиб ўтди

Фарғона вилояти "Қўриқлаш" бошқармаси раҳбарияти ва вилоят ИИБ билан ҳамкорликда Фарғона шаҳрида жойлашган Экошаҳар ҳудудидаги Нурафшон маҳалласида аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан "Обод ва хавфсиз маҳалла" тамойили асосида тарғибот тадбирлари бўлиб ўтди.
Ҳудудларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкларини ишончли қўриқлашни таъминлашда замонавий қўриқлаш сигнализация ускуналаридан фойдаланишни тарғиб қилиш мақсадида ўтказилган профилактик ишлар давомида фуқароларга "Қўриқлаш" хизмати афзалликларидан фойдаланиш, соҳага киритилаётган ўзгартиришлар ва яратилаётган қулайликлар борасида тушунчалар берилди.
Ўз объекти ёки хонадонини "Қўриқлаш" хизматига топширмоқчи бўлган фуқаролар ойлик тўловлар миқдори, техник воситаларга хизмат кўрсатиш тартиблари ҳақида ҳам батафсил маълумотлар берилди. Якунда ўз савдо дўконларини қўриққа топшириш истагини билдирган тадбиркорлар белгиланган тартибда аризалар қабул қилинди.
Бу каби тадбир Андижон вилоятининг Янги Андижон массивида ҳам ташкил этилди. Тадбир давомида замонавий қўриқлаш воситалари ҳақида маълумотлар айтилиб, кузатув камералари, сигнализация тизимлари ва бошқа хавфсизлик технологиялари бўйича аниқ тушунчалар берилди. Мутахассислар томонидан юқори сифатли қўриқлаш техника воситалари, айниқса, ҳудуддаги муҳитига мослашган ахборот технологиялари ва сигнализация тизимларининг фойдаси ҳақида батафсил тушунтиришлар олиб борилди.
Тадбирнинг яна бир муҳим қисми бу – аҳолига техника ва қурилмаларни тўғри танлаш, уларни самарали фойдаланиш бўйича йўриқномалар бериш бўлди.
Ахборот алмашиш ва ўзаро мулоқот ўрнатишга кенг замин яратган мазкур тарғибот барча иштирокчилар учун фойдалилиги билан аҳамиятли бўлди.
Бу каби тадбирлар республикамизнинг барча ҳудудларида ўтказилмоқда.