Тарихни англаш музейлардан бошланади
Қишки таътилда мактаб ўқувчиларига вақтини мароқли ва фойдали ўтказиш имкониятини яратиш, қолаверса, ушбу ёшларда она ватанга бўлган муҳаббат туйғусини ҳамда ватанпарварлик руҳини шакллантириш мақсадида ҳудудларда турли тадбирлар ҳамда учрашувлар ташкил этилмоқда. Жумладан, куни кеча Миллий гвардия Андижон вилояти "Қўриқлаш" бошқармаси ташаббуси билан Қўрғонтепа тумани 65-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ўқувчилари вилоят Давлат тарихи ва маданияти музейига ташриф буюрдилар.
Ўтказилган тадбир давомида ўқувчилар музей тарихшунослари томонидан ўзларига керакли бўлган маълумотларга эга бўлиб, турли асори-атиқалар билан яқиндан танишдилар. Айниқса ўғил-қизларда юртимизнинг қадимий ёдгорликларидан топилган ашёлар, деворий тасвирлар, уй-рўзғор буюмлари, меҳнат қуроллари, қадимий ёзувлар тасвирланган ашёлар катта таассурот олдирди.
Бундан ташқари, Сирдарё вилояти "Қўриқлаш" бошқармаси бошқа ҳамкор идоралар ва ташкилотлар билан биргаликда Тўра Сулаймоннинг уй музейига саёҳат уюштирилди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу музей Сирдарё вилоятида яшаб ижод қилган, ўзининг халқчил шерлари билан инсонлар қалбини забт этган шоиримиз Тўра Сулаймоннинг кўп йиллик ижодий ҳаёт йўлини ҳаққоний ва тўлақонли акс эттириш мақсадида 2024 йилда шоир яшаб ўтган уйда ташкил этилди. Музейга ташриф буюрган ёшлар музей мутахассислари томонидан шоирнинг ҳаёт ва ижод йўли ҳақидаги архив ҳужжатлари, фотосуратлар, ашёвий буюмлар, китоблар, видеоматериаллар билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлишди.