Янгиликлар

30 Март 2024

“ЯШИЛ МАКОН” УМУММИЛЛИЙ ЛОЙИҲАСИНИНГ БАҲОРГИ МАВСУМИ СТАРТ ОЛДИ

Хабарингиз бор, республикамиз бўйлаб “Яшил макон” лойиҳасининг баҳорги мавсумига старт берилиб, маҳаллалар, кўп қаватли уйлар ҳамда марказий кўчалар атрофига турли кўчатлар экилмоқда ҳамда уларнинг парвариши таъминланмоқда.
Миллий гвардия масъуллари томонидан ҳам “Янги Ўзбекистон – яшил маконда бирга яшайлик!” шиори остида белгиланган ҳудудларда ушбу жараён узлуксиз ташкил этилмоқда.
Жумладан бугун кенг жамоатчилик вакиллари билан бир қаторда Миллий гвардия ходимлари томонидан мевали ва манзарали дарахтлар, шунингдек, одамлар кўнглига хуш ёқадиган ва ёқимли ифор таратадиган райҳон, лаванда, гултожихўроз, хризантема сингари гуллар маъмурий бинолар атрофига, йўл бўйларига, каналлар ёқаларига экилди.
Маҳаллаларда дарахтларнинг қуриган шохлари кесилиб, атроф кўкаламзорлаштирилди.
Шунингдек ҳудудларда Миллий гвардия боғлари яратилиб гужум, катальпа, клён, акация, Япон софораси, каштан, чинор, қарағоч, бодом дарахтлари ниҳоллари, терак қаламчалари, турфа хушбўй гуллар экилиб уларнинг парвариши таъминланмоқда.
Бундай саъй-ҳаракатлардан кўзланган асосий мақсад – халқимизга хос эзгу фазилатларни қадрлаш, эзгуликни ёшлар қалбига сингдириш, қишлоқ ва шаҳарлар, маҳаллаларни кўркам кўринишга келтиришдан иборат.