Янгиликлар

4 Август 2023

СПОРТЧИЛАРИМИЗ ХАЛҚАРО МУСОБАҚАГА ЙЎЛ ОЛИШДИ

Халқаро майдонда мамлакатимиз байроғини юқори кўтариш имконини берувчи яна бир нуфузли мусобақа Беларус Республикасида бўлиб ўтади.

Иккинчи “Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги” халқаро спорт ўйинлари – бу 10 дан ортиқ спорт турларида энг кучлилар номини аниқлаб берадиган беллашув ҳисобланиб, камондан отиш йўналишида ҳам Ўзбекистон шарафини 8 нафар умидли мерганлар ҳимоя қилиш мақсадида ушбу давлатга йўл олган.

Бугун эрта тонгдан И.Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида спортчилар ва уларнинг мураббийлари кенг жамоатчилик иштирокида тантанали кузатилди.

4-10 август кунлари Могилёв шаҳрида бўлиб ўтадиган камондан отиш спорт тури доирасидаги мусобақаларда миллий терма жамоанинг 4 нафар аёл ва 4 нафар эркак атлетлари жамоавий, яккалик, “Олимпик раунд”, “Микс”, “Кампаунд” йўналишларида ўз имкониятларини синовдан ўтказишади.

МДҲга аъзо ва кузатувчи сифатида иштирок этадиган 10 та давлатдан 400 нафардан кўпроқ мерганлар ўз маҳоратини ушбу мусобақада кўрсатиш имкониятига эга бўладилар.

Биз Ўзбекистон терма жамоасининг барча аъзоларига, спортчиларимизга омад ва катта ғалабалар тилаб қоламиз.
Биз сизнинг юртимиз байроғини юқори кўтаришингизга албатта ишонамиз!