Янгиликлар

23 Август 2023

Миллий гвардиянинг Қўриқлаш бош бошқармасига қўриқлаш учун топширилган объектларни қўриқлашнинг муҳандислик ва техник воситалари билан жиҳозлаш талаблари, тартиби ҳамда шартлари тўғрисидаги йўриқнома давлат рўйхатидан ўтказилди

  Адлия вазирлиги томонидан Миллий гвардиянинг Қўриқлаш бош бошқармасига қўриқлаш учун топширилган объектларни қўриқлашнинг муҳандислик ва техник воситалари билан жиҳозлаш талаблари, тартиби ҳамда шартлари тўғрисидаги йўриқнома (рўйхат рақами 3453, 22.08.2023 й.) давлат рўйхатидан ўтказилди
  Ушбу Йўриқномада Миллий гвардиянинг Қўриқлаш бош бошқармасига қўриқлаш учун топширилган объектларни қўриқлашнинг муҳандислик ва техник воситалари билан жиҳозлаш талаблари, тартиби ҳамда шартлари белгиланган.
  Хусусан, қўриқланадиган объектни (объект) қўриқлаш ҳамда уни муҳандислик ва техник воситалари билан жиҳозланишини ўрганиб бериш учун жисмоний ёки юридик шахс ушбу объект жойлашган жойдаги ҳудудий қўриқлаш бошқармасига мурожаат қилади.
  Маълумот учун: “Қўриқлаш фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасида қўриқланадиган объект тушунчасига таъриф берилган бўлиб, унга кўра қўриқлашга олинган жисмоний ва юридик шахсларнинг бинолари, иморатлари, иншоотлари, уларнинг ҳудудлари, жойнинг участкалари, транспорт воситалари, транспортда ташиладиган юклари, пул маблағлари, моддий бойликлари ва бошқа мол-мулки, шунингдек жисмоний шахс қўриқланадиган объект ҳисобланиши назарда тутилган.
  Жисмоний ёки юридик шахснинг аризаси келиб тушган кундан бошлаб ўн беш кун ичида ҳудудий қўриқлаш бошқармаси объектнинг ўзига хос хусусиятларини (объект жойлашуви, қават ва хоналарининг сони, товар-моддий бойликларни сақлаш, ташиш ва ортиш-тушириш жойлари, объектга рухсатсиз кириш мумкин бўлган барча заиф жойлар) ўрганиб чиқади.
  Ўрганиш натижаларига кўра жисмоний ёки юридик шахс ва ҳудудий қўриқлаш бошқармаси масъул ходими томонидан далолатнома расмийлаштирилади.
  Объектни қўриқлашнинг муҳандислик ва техник воситалари билан жиҳозлаш жисмоний ёки юридик шахс томонидан далолатномага мувофиқ амалга оширилади.
  Объектни жиҳозлаш ишлари якунлангандан сўнг шу куннинг ўзида жисмоний ёки юридик шахс бу ҳақда ҳудудий қўриқлаш бошқармасини хабардор этади.
  Ҳудудий қўриқлаш бошқармаси объектнинг ушбу Йўриқноманинг 2 ва 3-бобларида назарда тутилган талаб ва шартларга мувофиқ жиҳозланганлигини ўрганади.
  Бундан ташқари, ушбу Йўриқномада объектни қўриқлашнинг муҳандислик ва техник воситалари билан жиҳозлаш талаб ва шартлари белгиланган.
  Жумладан, объектнинг дарвозаларини жиҳозлашда у транспорт воситалари ва темир йўл кириш жойларига ўрнатилиши, техник носоз бўлган тақдирда қўлда очиш ва тўхтатиш мосламалари билан жиҳозланган бўлиши талаблари назарда тутилган.
  Объектни ташвиш сигнализация тизими билан жиҳозлашда ташвиш хабарининг тугма ёки педаллари бегона шахслар кўрмайдиган жойларга ўрнатилиши, ташвиш сигнализация тизимининг барча шлейфлари тўғридан-тўғри техник қўриқлаш марказига уланиши талаблари белгиланган.