КАМОНДАН ОТИШ СЕКЦИЯЛАРИ ФАОЛИЯТИ РИВОЖЛАНМОҚДА
Тошкент вилояти ҳудудида Камондан отиш спортини ривожлантириш ва оммалаштириш, ёшларни жаҳон чемпионатлари ва бошқа йирик мусобақаларда муносиб иштирок этишини таъминлашда, аввало иқтидорли ёшлардан иборат бўлган спортчиларимиз ва тажрибали мураббийлар сафини кенгайтириш мақсадида, куни кеча Миллий гвардия Тошкент вилояти Қўриқлаш бошқармаси бошлиғи ҳузурида секция мураббийлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда вилоятнинг Ангрен, Бекобод, Олмалиқ, Чирчиқ ва Янгийўл шаҳарлари ҳамда Қибрай ва Бўстонлиқ туманларида камондан отиш спорт секциялари фаолияти йўлга қўйилиб, малакали мураббийлар тайинланганлиги айтиб ўтилди. Учрашувда Тошкент вилояти бўйича умумий бош мураббий этиб, ушбу спорт тури бўйича Ўзбекистон Республикаси чемпиони ҳамда спорт устаси Чирчиқ шаҳри ҳудудидан Ахмадов Дилшод Жўрахон ўғли тайинланди.
Йиғилиш якунида, спорт секциялари ҳудудий мураббийларига, жами 21 дона машғулот камони, 63 дона камон ўқлари ҳамда 21 дона нишонлар тантанали равишда топширилди.