Янгиликлар

5 Февраль 2026

Хизмат интизоми ва қонун устуворлиги — доимий эътиборда

Навоий вилояти ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш хизмати сафларида хизмат қилаётган ходимлар ўртасида қонун устуворлигини таъминлаш, хизмат интизомини мустаҳкамлаш ҳамда ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг олдини олиш мақсадида тизимли равишда профилактик суҳбат ва учрашувлар ташкил этилмоқда.

Шу йўналишда навбатдаги тадбир Қўриқлаш хизмати раҳбарияти ҳамда ШХББнинг Навоий вилояти бўйича бўлими масъуллари иштирокида ўтказилди. Йиғилиш давомида ходимларнинг касбий масъулияти, хизматга садоқат билан ёндашиши, коррупцион иллатларга муросасиз муносабатда бўлиши, жиноятчилик ва гиёҳвандликка қарши қатъий кураш олиб бориши, шунингдек, хизмат фаолияти давомида ноқонуний ҳаракатларга йўл қўймаслик масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Хизмат постида ҳушёрлик ва сергаклик билан вазифани адо этиш ҳар бир ходимнинг муқаддас бурчи экани алоҳида таъкидланди.

Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, қабул қилинаётган фармон ва қарорларнинг мазмун-моҳияти ходимларга батафсил етказилди. Бу ислоҳотлар аввало инсон манфаатлари, тинчлик ва осойишталикни таъминлашга қаратилгани эътироф этилди.

Тадбир якунида Навоий вилояти ИИБдан таклиф этилган масъул ходим томонидан ҳозирги кунда долзарб ҳисобланаётган кибержиноятлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва олдини олиш чора-тадбирлари юзасидан батафсил тушунчалар берилди.

Мазкур учрашувлардан кўзланган асосий мақсад — ходимларнинг ҳуқуқий онги, билим ва касбий кўникмаларини янада ошириш, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларни теран англаган ҳолда, юклатилган вазифаларни сидқидилдан ва виждонан бажаришдан иборатдир.