МАЪНАВИЙ ЮКСАЛИШ – ЁРҚИН КЕЛАЖАК АСОСИ
Давлатимиз мустақиллигининг 32 йиллик тантаналари муносабати билан “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори остидаги маънавий-маърифий тадбирлар юртимиз бўйлаб кўтаринки руҳда кенг нишонланмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси ва Миллий гвардия Тошкент шаҳар "Қўриқлаш" бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
“Маънавий юксалиш – ёрқин келажак асоси” мавзусидаги тадбир узоқ йиллик ҳаётий тажрибалари билан ёш ходимларга ўрнак бўлиб келаётган фахрийлар иштирокидаги “Уч авлод учрашуви” билан бошланди.
Учрашувда сўз олганлар бу каби маънавий-маърифий тадбирлар Ҳарбий прокуратура ва Миллий гвардия тизимларида хизмат қилиб келаётган ёш ҳарбий хизматчилар, ходимлар ва келажак авлод дунёқарашини кенгайтириш, билим савиясини янада ошириш йўлида муҳим омил бўлиб хизмат қилишини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
Учрашув давомида Ҳарбий прокуратура ва Миллий гвардия тизимларида хизмат қилиб, ҳозирда кексалик гаштини сураётган фахрийларнинг ўз ҳаётий тажрибалари асосида сўзлаб берган хотиралари қатнашчилар, айниқса, ёшлар қалбидаги ватанпарварлик, ҳалоллик, садоқат ва фидойилик туйғуларини тўлқинлантириб юборганлиги уларнинг шундоқ юз-кўзларида акс этди.
Ушбу комплекс тадбир "Қўриқлаш" бошқармаси тизимидаги ходимларни тақдирлаш маросими, ажойиб концерт дастури ва шеърхонликка уланиб кетди. Фидойи ходимларнинг ота-оналарига Тошкент шаҳар "Қўриқлаш" бошқармаси бошлиғининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
Тадбир якунида намойиш этилган “Китоб — юксалиш асоси” номли видеолавҳа ҳар бир инсонни китобни янада севишга ундади, у орқали эзгу мақсадларга эришиш мумкинлигини яна бир бор ёдга солди. Китобхонликни кенг тарғиб этиш, мутолаа маданиятини оширишга қаратилган китоб ярмаркаси эса жаҳон ва ўзбек адабиётининг дурдона асарлари билан яқиндан танишиш имконини берди, десак адашмаган бўламиз.
Бу каби тадбирлар ёшлар маънавиятини янада бойитишга, кеча, бугун ва эртамиз муштараклигини таъминлашга, “Ҳар бир кун — бу имконият, ҳар бир кун — бу келажак учун пойдевор” деган ҳаётий ҳақиқатнинг моҳиятини ва аҳамиятини яна бир карра ҳис этишга хизмат қилади.