Янгиликлар

13 Июнь 2023

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган Миллий гвардия "Қўриқлаш" бош бошқармасининг "Камалак" болалар соғломлаштириш оромгоҳи навбатдаги мавсум учун ўз эшикларини очди

Қувонарлиси, бу гал мутлақо янги кўринишда.

Куни кеча илк дам олувчи 300 нафар йигит-қизлар иштирокида оромгоҳнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Миллий гвардия қўмондони ўринбосари полковник М.Ғаниев оромгоҳда яратилган кенг имкониятлар ва шароитлар хусусида тўхталиб, болажонларга мароқли хордиқ чиқаришларини, бўш вақларида кўплаб тўгаракларда ўз билимларини мустаҳкамлаб, спорт машғулотларида чиниқиш лозимлигини таъкидлади.

Ҳарбий оркестрнинг мусиқий гулдастаси, фахрий қоровул ва ҳарбийларнинг кўргазмали чиқишлари маросимга ўзгача ҳарбий шукуҳ бахш этди.

Тадбир сўнгида гулхан ёқилиб, атрофида куй ва қўшиқлар ижро этилди.

Таъкидлаш жоизки, оромгоҳда дам олувчилар учун барча шароитлар яратилган. Хусусан, маънавият-маърифат синфлари, устачилик, рассомчилик, тикувчилик тўгараклари, футбол стадиони, югуриш, баскетбол ва стол теннис майдончалари, бассейн ҳамда амфитеатр шулар жумласидандир.